Темурийлар даврида Моварауннаҳр аҳолисининг этник таркиби хусусида
Из текста статьи
Маьлумки, “Темур тузуклари” номли асар Амир Темур ва унинг авлодлари даврида юртимизда кечган ижтимоий-сиёсий жараёнларни ўрганиш учун муҳим манба ҳисобланади. Шу билан бирга, ушбу асарда ўша даврда Моварауннаҳр ва унга туташ ҳудудлар аҳолисини этник таркибига оид кўплаб қимматли маълумотлар ҳам мавжуд. Соҳибқирон қарамоғида 40 аймоқ бўлиб, улардан 12 таси унинг хос навкарлари ҳисобланган. Бу хусусида “Темур тузуклари”да қуйидаги қайдлар бор. “Қарамоғимдаги қирқ аймоқдан ўн иккитасига барлос, тархон, арғин, жалойир, тулкичи, дўлдай, Муғул, сулдуз, тўқай, қипчоқ, арлот, тоторга тамға берилсинким, булар менинг хос навкарларим бўлиб ҳисоблансинлар” 12 . Бундан ташқари қолган 28 та аймоқ бошлиқларига улус амирлиги берилганлиги кўрсатиб ўтилган. Юқорида кўрсатиб ўтилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Амир Темур ўзи мансуб бўлган барлос уруғига катта имтиёзлар берган. Кўпинча соҳибқирон ўзининг йирик саркардаларини шу уруғ вакилларидан тайинланган. “Темур тузуклари” да кўрсатилишича Амир Темур барлос уруғидан тўрт кишини ул-умаро қилиб тайинлаган. Булар Амир Худойдод, Амир Жаку, Амир Ийгу Темур ва Амир Сулаймоншоҳ. Барлос уруғидан яна 100 киши мингбоши лавозимига тайинланган. Биз олдинги саҳифаларда барлослар, арғинлар, жалойирлар ва қипчоқлар ҳақида тўхталган эдик.