Корхоналарни иқтисодий самарадорлигини ошириш
Maqola matnidan
Кишилик жамиятининг вужудга келиши, яъни жамоа бўлиб яшаш ва ишлаш инсоният онгининг такомиллашиб боришига туртки бўлди. Инсоният онгининг ривожланиши натижасида борлиқни ўрганиш борасида турли фикр ва қарашлар пайдо бўла бошлади. Хўжалик фаолиятини иқтисодий таҳлил қилиш фикри ҳам жамият ривожланишининг натижасидир. Корхоналарни тўғри, оқилона бошқариш, унинг молиявий ҳолатини яхшилаш, рақобатбардошлик қувватини ошириш хўжалик фаолиятини чуқурроқ ўрганишни талаб қилади. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида турли мулк шаклидаги корхоналар фаолиятига тўлиқ эркинлик берди. Янгича иш юритиш, жумладан, ташқи ва ички бозордан тажрибали мижоз ва ҳамкорларни танлаш билан бирга уларнинг молиявий имкониятларини ўрганиш долзарб масала бўлиб майдонга чиқди. Корхоналарнинг хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш, уларнинг ишларини яхшилаш корхона самарадорлигини оширишнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади. Хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш корхоналарнинг ишлаб чиқариш, молиявий, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш даражасини аниқлашга ёрдам беради, фойдаланилмаётган ресурсларни аниқлаб, уларнинг келгусида янада ривожланиши, уларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш учун зарур тавсияларни ишлаб чиқишга имкон беради.